Ўзбекистон ташқи савдо вазири Афғонистон билан савдо айланмасини $1 млрдга етказиш режалари билан ўртоқлашди

Дата: 13:53, 10-07-2018.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Афғонистон чегараолди савдосини ривожлантириш, транзит учун қулай шароитлар яратиш, тариф ва божларни ўзаро камайтириш масалаларини кўриб чиқиш учун комиссия ташкил этадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу 8-9 июлда Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги делегациясининг Афғонистонга ташрифи доирасида муҳокама этилди.

Ташриф доирасида савдо ва саноат вазири Жамшид Хўжаевнинг Афғонистон ташқи савдо вазири Х. Расо, АИР темир йўллар бўлими раҳбари Я. Шамс, Харидлар миллий комиссияси раиси И. Ҳотакий, транспорт вазирининг ўринбосари М. Султоний ва Афғонистон ССП раҳбари А. Нусратлар билан учрашувлари бўлиб ўтди.

Учрашувда таъкидланганидек, Термизда икки мамлакат давлат ва хусусий тармоқлари ўртасидаги мулоқотнинг биринчи тури ўтказилиши Ўзбекистон-Афғонистон-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш йўлидаги кейинги қадам бўлди.

“Биз икки томонлама савдода сўнгги йилларда кузатилган ижобий динамикани қувватлаймиз. Ўтган йил якунлари бўйича ўзаро товар айланмаси 19% ўсди ва $617,1 млнни ташкил этди, шу йилнинг 5 ойи давомида 15% ўсиб, $286,7 млнга етди. Бугун Ўзбекистонда Афғонистон сармояси ҳисобига110 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шу билан бирга Афғонистонда Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида 8 корхона ташкил қилинган” – деди Ж. Хўжаев.

Вазир икки мамлакат ҳамкорлигини кенгайтириш учун катта имкониятларга эга эканини таъкидлади. “Қўшни бўлганимиз ва ривожланган транспорт инфратузилмасига эга бўлганимиз ҳолда яқин келажакда икки томонлама савдо-сотиқни бир миллиард долларга этказиш имконига эгамиз”.

Ўзбек делегациясининг Афғонистонга ташрифининг биринчи куни якунлари бўйича савдо, транспорт ва инфратузилма лойиҳалари соҳаларида ҳамкорлик қилишни давом эттириш ҳақида келишиб олинди, долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун комиссия ташкил этиш муҳимлигини таъкидланди.

Сурат манбаи: https://es.123rf.com/stock-photo/afghanistan_afghanistan.html?sti=me9qi6fufg2x7bwblq|

Янгилик билан ўртоқлашиш: