Ўзбекистон ташқи савдосининг ижобий сальдоси $854 млнни ташкил этди
Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – 2017 йилда Ўзбекистон ташқи савдосининг ижобий сальдоси $854 млнни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2017 йилда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт 15 фоизга кўпайди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси $854 млнни ташкил этди”, - дейилади Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида тарқатилган “2030-йилгача давр учун барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалий тадбиқ этилиши бўйича Ўзбекистон ҳукумати чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатда.
Шундан кейин таъкидланишича, мамлакатда миллий валютани эркин конвертация қилиш жараёни бошланди. “Мазкур соҳани эркинлаштиришдан сўнг хорижий валютани сотиб олиш ва сотиш операциялари ҳажми 1,5 баробарга ўсди. Шу билан бирга, давлатнинг олтин-валюта заҳиралари 1,1 млрд. АҚШ долларига кўпайди”, - деб таъкидланади ҳужжатда.
Қайд этилишича, мамлакатимизда ўтган йил давомида мамлакат ҳудудларини жадал ривожлантиришга кўмаклашувчи 12 эркин иқтисодий ва 45 саноат зоналари фаолияти йўлга қўйилди. “Яқин келажакда яна 50 та янги саноат зоналарини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, - дейилади ҳужжатда.
Эслатиб ўтамизки, “2030-йилгача давр учун барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалий тадбиқ этилиши бўйича Ўзбекистон ҳукумати чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга мурожаатининг асосий тезисларини ўзида акс эттиради.
Сурат манбаи: http://uprom.info/ru/news/ekonomika/finansi/ukrayina-zbilshila-pozitivne-saldo-zovnishnoyi-torgivli/