Ўзбекистон ташқисавдо компаниялари қиймати 23 млрд сўмлик акциялар эмиссиялари ҳақида эълон қилдилар
Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – “Ўзинтеримпекс” ва “Ўзсаноатмашимпекс” давлат-акционерлик ташқисавдо компаниялари қиймати 23 млрд сўмлик акциялар эмиссиялари ҳақида эълон қилдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ)
Ҳар икки эмиссия Ўзбекистон Хусусийлаштириш қўмитаси қошидаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан рўйхатга олинган.
Марказ сайти маълумотларига кўра, акционерлик жамияти шаклидаги ”Ўзсаноатмашимпекс” номинал қиймати 1 минг сўм бўлган 13,117 млн дона оддий акциялар чиқаради. Уларнинг умумий қиймати 13,117 млрд сўм.
Ўз навбатида “Ўзинтеримпэкс” 3,35 млн дона оддий акция чиқаради. Уларнинг номинал қиймати – 2,95 минг сўм. Эмиссиянинг ялпи ҳажми – 9,885 млрд сўм.
Эслатиб ўтамизки, “Ўзинтеримпекс” ва “Ўзсаноатмашимпекс” ДАК Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги таркибига киради. Компанияларнинг асосий фаолияти саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда турли техника, технологик ускуналарни импорт қилишдан иборат.
“Ўзпсаноатмашимпекс”нинг йиллик товар айланмаси $900 млн атрофидани ташкил қилади. Компания дунёнинг 40 зиёд мамлакатлари билан савдо қилади.
“Ўзинтеримпекс” компаниясининг йиллик товар айланмаси деярли $1 млрд.
$1 = 2359,56 сўм.