Ўзбекистон терма жамоаси от спорти бўйича “Миллатлар Кубоги”ни қўлга киритди

Дата: 13:04, 24-07-2014.

     Тошкент. 24 июл. ЎзТАГ – От спорти бўйича Ўзбекистон термаси Марказий Осиё лигасида Жаҳон кубоги уч босқичи якунларида умумжамоа ҳисобида “Миллатлар Кубоги”ни қўлга киритди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
     Ўзбекистон От спорти федерациясидан хабар қилишларича, мусобақа регламентига мувофиқ Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг энг яхши конкурсчилари Тошкент, Бишкек ва Алмати ареналарида баллар йиғдилар.
     Жорий мавсумда Ўзбекистон термаси уйида ўтказилган мусобақаларда иккинчи ўринни эгаллади. Лекин Жаҳон кубогининг икки кейинги босқичларида ўзбекистонликлар барча 15 тўсиқдан бехато сакраб ўтиб, энг яхши натижа кўрсатдилар.
     Ғалабага ҳисса қўшганлар орасида 16 ёшли Оқил Собиржонов ҳам бор. Унинг ҳисобида “Миллатлар Кубоги”даги ютуқдан ташқари икки босқичли конкурс ва якка биринчилик Гран-присида олинган икки кумуш медали ҳам бор. Собиржоновлар чавандозлар сулоласини Оқилнинг акалари – Абдулазиз ва Абдушукурлар ҳам мунсиб тақдим қилишди.
     Шунингдек, наманганлик Азъам Талибоев ва Умид Комиловлар ҳам яхши натижалар кўрсатдилар.
     Якка ҳисобда Ғайрат Назаров ҳисобида тўққизта Гран-при бор. У ёш ҳамкасабаларини Инчхондаги (Корея Республикаси) Осиё ўйинларига бошлаб боради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: