Ўзбекистон термаси пляж футболи бўйича Осиё чемпионати чорак финалига чиқди
Тошкент. 26 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон термаси пляж футболи бўйича Қатар пойтахти Дохада бўлиб ўтаётган Осиё чемпионатининг чорак финалига чиқди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Иккинчи турда ўзбекистонликлар Эрон устидан ишончли ғалабага эришдилар. Катта устунликка эга бўлган Аҳад Юсупов шогирдлари рақиб дарвозасига 6 тўп йўллаб, атига бир гол ўтказиб юбордилар. Бундан бир кун олдин эса жамоа БАА термасини 6:5 ҳисобида енгди. Шундай қилиб, Ўзбекистон термаси “С” гуруҳида биринчи ўринни олди ва турнирнинг чорак финалига чиқди”, – деб таъкидлашди Футбол федерацияси матбуот хизматида.