Ўзбекистон термаси ЖМ-2018 саралашида Шимолий Кореяни ютди

Дата: 10:10, 13-11-2015.

Тошкент. 13 ноябр. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон термаси гуруҳ етакчиси Шимолий Корея устидан 3:1 ҳисобида ишончли ғалаба қозониб, очколар бўйича фарқни бир очкога қадар қисқартирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бугунда Ўзбекистон Шимолий Корея термасидан бир ўйин оз ўтказган ва энди 1-ўринга чиқиш учун Самвел Бабаян шогирдлари 17 ноябрда гуруҳ аутсайдери Яманни ютишлари зарур”, – деб таъкидлашди Футбол федерацияси матбуот хизматида.

Бутун ўйин Ўзбекистон устунлиги остида ўтган бўлсада, КХДР терма жамоаси ҳисобни очишга муваффақ бўлди. 2-дақиқадаёқ қанотдан узатилган тўпни Ри Хёк Чол Александр Лобанов қўриқлаган дарвозага жойлаб қўйди.

Гол ўтказиб юборган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бутун кучларни олдинга ташлаб, устунликни қайтариб олди ва кўплаб ҳужумлар ташкил этди. Ўйиннинг 26-дақиқасига келиб, ўйиндаги устунлик ҳисобда ҳам акс этди. Сервер Жепаровнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг, Игорь Сергеев боши билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди — 1:1.

Дуранг натижа Ўзбекистон термасини қониқтирмагани учун Самвел Бабаян 2-таймда Марат Бикмаев ўрнига Александр Гейнрихни майдонга туширди ва ушбу қарор ўйинда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. 66-дақиқада Гейнрих шу куни яхши ўйнаган Сардор Рашидовдан ажойиб тўп олиб, техник зарба билан тўпни меҳмонлар дарвозасининг ўнг бурчагига жойлаб қўйди – 2:1.

Ўйиндаги сўнгги нуқтани Одил Аҳмедов қўйди. 87-дақиқада у 15 метрлардан берилган чиройли зарба билан дарвозани ишғол қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: