Ўзбекистон терроризм таъсири даражаси жуда паст бўлган мамлакат сифатида тан олинди

Дата: 16:03, 10-12-2018.

Тошкент. 10 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 2018 йилги Глобал террорчилик рейтингида 9 поғонага юқорилаб, 123 ўриндан 132 ўринга чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Индекс Сидней университетининг (Австралия) Иқтисодиёт ва тинчлик институти (The Institute for Economics and Peace) шафелигида халқаро экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон 0,038 кўрсаткичи билан 132-ўринни эгаллади. Ўтган йилда мамлакат 0,08 кўрсаткичи билан 123 ўринни эгаллаган эди.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Тожикистон терроризм таъсири энг қуйи бўлган мамлакат деб топилди. Қирғизистон (80-) ва Қозоғистон (75-) билан биргаликда 74-ўринда. Улар ҳам терроризм таъсири жуда паст бўлган мамлакат деб топилди.

Дастлабки учталикка Ироқ (9,746), Афғонистон (9,391) ва Нигерия (8,660) кирди. Туркманистон охирги 138-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Глобал Терроризм индекси – дунё мамлакатларида террористик фаоллик даражасини ўлчайдиган кенг қамровли тадқиқот бўлиб, қайси давлатлар қандай кўламда террористик таҳдидларга дуч келаётганлигини кўрсатади.

Терроризм тадқиқот муаллифлари томонидан “ноқонуний ташкилотлар томонидан зўравонлик ва қўрқитиш йўли билан сиёсий, ижтимоий ва диний мақсадларига эришиш учун таҳдид ёки куч ишлатиш” деб таърифланади.

 

Сурат манбаи: https://ru.sputnik.kg

Янгилик билан ўртоқлашиш: