Ўзбекистон тез тиббий ёрдам тизими йилига 600 минг беморни қабул қилишга мўлжалланган
Тошкент. 18 март. ЎзТАГ – Бугунда Ўзбекистон тез тиббий ёрдам тизими ҳар йили 600 минг нафардан ортиқ беморни шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларида стационарда даволашга, 1 млн нафардан ортиқ беморга амбулаторияда тиббий ёрдам беришни таъминлашга мўлжалланган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Мавжуд тез тиббий ёрдам хизмати тизими эса йилига 7 млндан ортиқ чақириқни бажаришга имкон беради.
Ушбу рақамлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида келтирилган. Тизим аҳолига давлат томонидан кафолатли бепул тиббий ёрдам беришни таъминлаши кўрсатиб ўтилган.
Бугунда мазкур тизимга Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази, унинг ҳудудий филиаллари, шунингдек, марказий туман ва шаҳар касалхоналари ҳузурида шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, шу жумладан, тез тиббий ёрдам ва санитария авиацияси хизмати киради.


