Ўзбекистон ТИФМБ тузилмаларидан бири квартира ва дўконларни сотиш ҳақида очиқ савдолар эълон қилди
Тошкент. 22 май. ЎзТАГ - Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий Фаолят Миллий Банки (ТИФМБ) тузилмаларидан бири - “VIP SERVICE NBU” маркази унитар корхонаси квартиралар, савдо ва хизмат объектларини сотиш бўйича тўғридан-тўғри савдолар шаклида ўтказиладиган савдолар ҳақида эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар банк расмий сайтида эълон қилинган.
Савдолар 18 июнда Миллий банкнинг Наманган бўлими биносида бўлиб ўтади. Жами Наманган шаҳридаги 72та 1-, 2-, 3-, 4-хонали квартиралар ва 38 дўконлар савдога қўйилмоқда.
Савдо шартларига кўра, олдиндан тўлов 100 % миқдорда бўлиб, гаров ҳажми объект бошланғич қийматининг 10% ташкил қилади. Ушбу маблағлар савдолар эълон қилинган кундан таклифлар қабул қилиш тугалланган санагача сотувчининг (“VIP SERVICE NBU” маркази) махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши зарур.


