Ўзбекистон ТИВ Қатарнинг Тошкентдаги халқаро конференцияга таклиф этилиши билан боғлиқ вазиятга тушунтириш берди

Дата: 14:54, 16-03-2018.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ТИВ Қатарнинг Тошкентдаги халқаро конференцияга таклиф этилиши билан боғлиқ вазиятга тушунтириш берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, “Россия Сегодня” ахборот агентлигининг “Яқинда Тошкентда Афғонистон бўйича юқори даражада бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда қатнашиш учун Қатарга таклифнома жўнатилгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Қатарда “Толибон” ҳаракати ваколатхонаси жойлашганини ҳисобга олиб, унинг вакилларининг Тошкент форумида қатнашиш эҳтимоли ҳақидаги масалага тўхталиб ўтмайсизми?”, - деган саволига Ўзбекистон ТИВ:

“ТИВ расман тасдиқлайдики, таклифнома афғон муаммоси бўйича кўплаб ташаббуслар, хусусан, Халқаро алоқа гуруҳи, “Қобул жараёни” ва бошқаларнинг фаол иштирокчиси бўлган ҳамда “Толибон” иштирокида тинчлик жараёнини ташкиллаштиришда муҳим роль ўйнаши мумкин бўлган давлат – Қатарнинг ташқи ишлар вазирлигига йўналтирилди”, - деб жавоб берди.

Шу муносабат билан таъкидлашни истардикки, дейилади шундан кейин ТИВ жавобида, Қатарни таклиф қилиш ташаббуси Ўзбекистон билан бирга халқаро конференция ўтказилишини бошлаб берган Афғонистон томонидан илгари сурилган.

“15 мартга қадар юқори даражадаги конференцияга таклиф қилинган давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг деярли барчаси ўз иштирокини тасдиқлади. Қатар вакилларининг расмий жавоби яқин вақтлар ичида кутилмоқда. Бугунги кунда якуний Тошкент декларацияси лойиҳаси устидаги биргаликдаги ишлар эксперт даражасида давом этмоқда”, - деб хулоса қилинади ўзбек ташқи ишлар муаассаси хабарида.

Сурат манбаи: https://turystyka.wp.pl/doha-wyjatkowa-stolica-kataru-6043993608533121g/2

Янгилик билан ўртоқлашиш: