Ўзбекистон ТИВ делегацияси Жиддага ташриф буюрди

Дата: 14:09, 07-11-2016.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – 5 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ижроия қўмитасининг йиғилишида иштирок этди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, йиғилиш ИҲТнинг Жидда шаҳридаги (Саудия Арабистони Подшоҳлиги) Бош қароргоҳида бўлиб ўтган.

“Мажлисда ташкилот кун тартибининг долзарб масалалари, жумладан, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг шошилинч мажлисини ўтказиш вақти юзасидан фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, ўзбек делегацияси 4-5-ноябр кунлари Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг Жидда шаҳридаги бўлинмаси Бош директори Муҳаммад Аҳмад Таййиб ҳамда ИҲТ Бош котиби вазифасини бажарувчи Абдулла Алим билан иккитомонлама учрашувлар ўтказган.

“Музокаралар давомида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида белгиланган Ўзбекистоннинг ИҲТ ТИВКда раислигининг мақсадларини рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатлари ҳамда иккитомонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: