Ўзбекистон ТИВ Ислом ҳамкорлик ташкилоти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 17:48, 01-06-2016.

Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ - 30-31-май кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ислом ҳамкорлик ташкилоти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. ИҲТ департамент раҳбарлари Тариқ Бахит ва Муҳаммад Амин Жеррари ҳам мазкур делегация таркибида музокараларда иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга раислиги доирасида ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик ва уни ўтказишга доир амалий масалалар муҳокама қилинди”, - дейилади ташқи сиёсий муассаса хабарида.

Эслатиб ўтамизки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти 1969 йил 25 сентябрда мусулмон мамлакатлари раҳбарларининг Роботдаги конференциясида ташкил қилинган. Унинг мақсади ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ислом ҳамкорлигини таъминлашдан иборат. Ташкилотга 57 мамлакат аъзо. Унинг бош қароргоҳи Жиддада (Саудия Арабистони) жойлашган.

Ўзбекистон ИҲТга 1996 йилда аъзо бўлган.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: