Ўзбекистон ТИВ халқаро шартномаларни сақлаш учун депозитарий ташкил қилди
Тошкент. 29 декабр. ЎзТАГ – Ташқи ишлар вазирлигида (ТИВ) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини сақлаш учун замонавий депозитарий яратиш бўйича олиб борилган ишлар якунланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ташқи сиёсий муассаса матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Ҳужжатларни узоқ муддат ва эҳтиёткорона сақлаш мақсадида энг янги технологиялар билан жиҳозланган депозитарий хонасида оптимал микроиқлим таъминланмоқда. Ёнғин хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилган”, - дейилади ўзбек ТИВ хабарида.
Халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда танланган сақлаш усули “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ташқи ишлар вазирлигига сақлаш учун топширилган 4 мингга яқин ҳужжатларнинг ҳар биридан тезкорлик билан фойдалана олиш имконини яратиши таъкидланган. Бажарилган ишлар БМТ Тараққиёт дастури техник кўмаги ёрдамида амалга оширилган.
“Бир вақтнинг ўзида Адлия вазирлиги билан биргаликда Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг (Lex.uz) мамлакатимиз халқаро шартномаларига тегишли қисми такомиллаштирилмоқда. Ҳозирги пайтга келиб Ўзбекистоннинг 1991-2015-йилларда тузилган 1200 яқин халқаро шартномалари веб-сайтда жойлаштирилди”, - деб таъкидланади хабарда.