Ўзбекистон ТИВ Маъруфжон Шакаров ишини ўз назоратига олди
Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон ТИВ Россияга кўлга олинган Маъруфжон Шакаров ишини ўз назоратига олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлими томонидан 1996-йил 28-декабрда туғилган Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Зоҳид ўғли Шакаровга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. У суиқасд ва катта миқдордаги наркотик воситаларни сотиш мақсадида сақлашда айбланмоқда”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.
Консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш доирасида Россия ТИВ ва Москва шаҳрининг суд органларига расмий мурожаатлар йўлланди.
“Натижада 2018-йил 14-июн куни Москва шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича Суд коллегиясининг апелляция ажримига кўра М. З. Шакаровнинг ҳаракати катта миқдордаги наркотик воситаларни сотиш мақсадини кўзламаган ҳолда сақлаш деб қайта квалификация қилинди, Москва шаҳри Преображенский туман судининг 2017-йил 13-декабрдаги ҳукми ҳам ўзгартирилди: 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди”, - дейилади хабарда.
2018-йил 14-июл куни Элчихона консуллик бўлими ходимининг Москва шаҳар Жазони ўташ Федерал хизмати 1-тергов изолятори (СИЗО-1) раҳбарияти билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Суҳбат давомида М. Шакаров очлик эълон қилгани ва шу муносабат билан, ўрнатилган тартибга кўра, у доимий видеокузатув остидаги алоҳида камерага ўтказилганлиги маълум бўлди. “Ҳар куни СИЗО раҳбарияти у билан суҳбат ўтказади, врач маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказади. Тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилувчи бирон бир белги мавжуд эмас. Тез орада М.Шакаровнинг онаси ва ҳоласига у билан учрашишлари учун рухсат берилади”, - деб қайд этилади хабарда.
Москва шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича Суд коллегияси қарорини тасдиқловчи Москва шаҳри Преображенский туман судининг ҳукми кучга киргач, консуллик ходимининг М. Шакаров билан учрашишига розилик берилиши мумкин.
“Элчихона Консуллик бўлими мазкур масалани назоратда ушлаб турибди”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2018/07/17/note/