Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати Эрон ва “Олтилик гуруҳи” ўртасидаги келишувларга доир баёнот берди

Дата: 12:23, 14-04-2015.

Тошкент. 14 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Эрон Ислом Республикаси ва Эрон ядровий дастури бўйича халқаро воситачиларнинг “Олтилик гуруҳи” ўртасида 2015-йилнинг 2-апрел куни Лозанна шаҳрида эришилган “Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режасининг асосий параметрлари” бўйича келишувларга доир баёнот тарқатди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Баёнотга кўра, Ўзбекистон ушбу келишувларни қўллаб-қувватлайди.

“Глобал қуролсизланиш тизимининг ажралмас қисми бўлган Марказий Осиеда ядровий қуролдан ҳоли ҳудуд тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ташаббускори бўлгани ҳолда, Ўзбекистон оммавий қирғин қуролларининг тўлиқ йўқ қилинишини қатъий ёқлайди ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг БМТ Низоми ва ЯҚТШ (Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома – ЎзТАГ) доирасида белгиланган тарқатмаслик тартибини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди”, – дейилади ўзбек ташқи сиёсий муассасасининг баёнотида.

Баёнотда яна таъкидланишича, “Ўзбекистонда мазкур доиравий келишув халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамланишига жиддий ҳисса қўша оладиган кенг қамровли битимга эришиш учун мустаҳкам замин яратилишига умид қиладилар”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: