Ўзбекистон ТИВ ОАВ вакилларини ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига аккредитация қилишни бошлади

Дата: 17:03, 11-05-2016.

Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ОАВ вакилларини ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисини ёритиш учун аккредитация қилишни бошлади. Бу ҳақида муассаса матбуот хизмати хабар қилди.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2016-йилнинг июн ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисини ёритиш учун оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилишни бошлади”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, аккредитация учун ОАВ вакилларидан аризалар 2016-йилнинг 6-июн куни Тошкент вақти билан соат 18:00гача қабул қилинади. Белгиланган муддатдан сўнг, шунингдек, кўрсатилган маълумотларсиз жўнатилган ёки фотосурат ва анкета илова қилинмаган аризалар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

“Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисини ёритишда иштирок этиш учун хорижий ОАВнинг топширган аризалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан уларнинг аккредитация қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқномасисиз Ўзбекистонга ташриф буюриш ва профессионал фаолияти билан шуғулланиш учун асос бўла олмайди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисини ёритишга аккредитациядан ўтиш учун зарур хужжатлар рўйхати Ўзбекистон ТИВ сайтида мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: