Ўзбекистон ТИВ паспортларини ўзгартиришга улгурмаган ўзбекистонликларга қайтиш гувоҳномаларини 7 кун ичида беради

Дата: 16:44, 06-07-2017.

Тошкент. 6 июл. ЎзТАГ – Эндиликда Ўзбекистон ТИВ муассасалари томонидан паспортларини ўзгартиришга улгурмаган ўзбекистонликларга мамлакатга қайтиш гувоҳномалари 7 кун ичида берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Олдин ушбу муддат 3 ойни ташкил қилар эди.

Бу ҳақида 5 июлдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов маълум қилди.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг хорижда яшаб турган ва паспортларини ўз вақтида ўзгартиришга улгурмаган фуқаролар ушбу шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни 2018 йил 1 июлга қадар биометрик намунага алмаштириб олишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

“Эндиликда фуқароларимиз эски паспортларидан йўл ҳужжати сифатида фойдаланиб, шу жумладан, учинчи давлатлар ҳудудида транзит орқали ҳам ҳеч қандай тўсқинликсиз ватанга қайтишлари мумкин”, - деди Камилов.

ТИВ раҳбари Ўзбекистон фуқароларига бугунги кунда фуқароларимизга “Интерфаол консуллик хизматлари” портали орқали 12 турдаги консуллик хизматлари кўрсатилаётганини айтиб ўтди. Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга кириш визасини олишни расмийлаштириш учун 5 та тилда E-Visa интернет портали яратилди.

Шунингдек, ТИВ томонидан Россиянинг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов-Дон, Екатеринбург, Владивосток шаҳарларида консуллик ваколатхоналарини очиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Остонада Ўзбекистон элчихонаси биноси қурилишининг якунига етиши билан бу ердаги дипломатик ваколатхонани Бош консулхонага айлантириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ТИВ хорижий давлатлардаги бир қатор консулхоналаримизда ходимлар сонини кўпайтириш ниятида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: