Ўзбекистон ТИВ раҳбари АҚШ савдо вазирининг ўринбосари билан учрашди

Дата: 16:56, 05-06-2015.

Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ савдо вазирининг глобал бозорлар бўйича ёрдамчиси Арун Мадҳаван Кумарни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бўлиб ўтган учрашув доирасида ўзбек-америка кун тартибининг асосий масалалари, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди”, – дейилади ташқи сиёсий муассасаси матбуот хизматининг хабарида.

АҚШ савдо вазири Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигида, Савдо-саноат палатасидаги учрашув ва музокаралардан олган таассуротларини сўзлаб берди.

Шунингдек, Арун Мадхаван Кумар АҚШ ишбилармонлар доиралари вакиллари иштирокида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган давра суҳбатига тайёргарлик тўғрисида ҳам маълумот берди.

Томонлар навбатдаги ҳамкорлик тадбирларини ўтказиш бўйича таклифларни ҳам кўриб чиқдилар.

Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Леора Спратлен хоним ҳам иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: