Ўзбекистон ТИВ раҳбари афғон делегациясини қабул қилди
Тошкент. 9 январ. ЎзТАГ – 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Атикуллоҳ Ношер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида 2017 йил сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси ва ноябр ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган ташаббусларни амалга оширишнинг амалий масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда Афғонистон элчиси Сайид Шаҳобиддин Темурий ҳам иштирок этди.
Эслатиб ўтамизки, 2017 йил 4-6 декабрда Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга расмий ташрифи бўлиб ўтди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти имзоланди. Мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 16 ҳужжат имзоланди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, чегара постларидан ўтказиш, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, юкларни транзит ташиш, божхона, қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, олий таълим соҳаларига оид ҳужжатлар шулар жумласидандир.
2016 йилда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ўзаро савдо ҳажми деярли $520 млн.га етди. Ўзбекистон Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга тайёр.
Сурат манбаи: https://news.tj/en/node/241789