Ўзбекистон ТИВ раҳбари Афғонистондаги вазиятни БМТ Бош котиби махсус вакили билан муҳокама қилди

Дата: 17:44, 03-08-2017.

Тошкент. 3 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Бош котибининг Махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (БМТАЁМ) раҳбари Тадамичи Ямамотони қабул қилди. Бу ҳақида ўзбек ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

“Учрашувда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтайи назаридан долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилиши, ушбу қўшни давлат билан дўстона алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланади”, - дейилади пйшанба кунги хабарда.

“Ўзбекистон томони Афғонистон масаласини ҳал этишнинг асосий шарти Афғонистонда ички келишувга эришишдан ташқари минтақавий даражада консенсус ҳамда йирик халқаро миқёсда ўзаро англаш ва умумий ёндашувларнинг мавжудлиги деб ҳисоблайди”, - дея қайд этилади хабарда.

Тадамичи Ямамотога Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик муаммолари бўйича халқаро конференция тўғрисида маълумот берилди. Мазкур тадбирни БМТ шафелигида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувда БМТ Резидент-координатори, Тараққиёт дастурининг Доимий вакили Ҳелен Фрейзер иштирок этди.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Афғонистон билан ўзаро манфаат касб этадиган турли йўналишларда, жумладан сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш орқали муносабатларни фаоллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширмоқда. Айнан шу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили институти ташкил этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: