Ўзбекистон ТИВ раҳбари Афғонистоннинг бирданига икки элчисини қабул қилди

Дата: 12:20, 04-01-2018.

Тошкент. 4 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Элчиси Саид Шаҳабуддин Темурий ва Тошкентда бўлиб турган Афғонистоннинг Буюк Британиядаги Элчиси Самир Жавадни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, суҳбат чоғида ниҳоясига етаётган 2017-йилда Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларининг якунлари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 4-6-декабрдаги мамлакатимизга расмий ташрифи ва унинг самарали натижалари икки томонлама ҳамкорликда янги саҳифа очди ва унга кўп қиррали ва унумли тус берди.

Учрашувда 2018-йилда Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигининг баъзи йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамизки, 2017 йил 4-6-декабрда Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтган эди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти имзоланди. Бундан ташқари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, чегара постларидан ўтказиш, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, юкларни транзит ташиш, божхона, қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, олий таълим соҳаларига оид ҳужжатлар имзоланди.

Асосий келишувлар орасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка оид қўшма комиссия тузиш, Термиз шаҳрида Афғонистоннинг консулхонасини очиш, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасида Ўзбекистон мутахассисларининг иштироки, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини биргаликда барпо этиш кабилар бор.

 Ташриф доирасида Ўзбекистондан буғдой, қора металл, минерал ўғитлар, қурилиш моллари, дуккакли ва бошқа маҳсулотлар экспорти бўйича умумий қиймати $500 млндан зиёд бўлган тижорат шартномалари имзолангани алоҳида қайд этилди.

 2016 йилда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ўзаро савдо айланмаси қарийб $520 млнга етган.

 Ўзбекистон Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга тайёр.  

Сурат манбаи: https://www.trend.az/casia/uzbekistan/2766767.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: