Ўзбекистон ТИВ раҳбари Қатар делегациясини қабул қилди
Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ – 17-июл куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қатар давлати Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ишлари бўйича департаменти бошлиғи Ҳалид Ибраҳим ал-Ҳамар раҳбарлигидаги делегациясини қабул қилди, деб хабар қилади ўзбек ташқи сиёсий муассасаси матбуот хизмати.
“Қатарнинг етакчи вазирлик ва идоралари, иқтисодий тузилмалари раҳбарларидан иборат нуфузли делегацияси 16-июл куни мамлакатимизга келди ва Ўзбекистон ҳукумати делегатсиасининг 2018-йил 2-4-июл кунлари Доҳа шаҳрига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилмоқда”, - дейилади хабарда.
Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Қатар кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.
“Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссияни тузиш ва ишга тушириш, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи раундини ўтказишга розиликларини тасдиқладилар”, - дейилади хабарда.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон раҳбарияти Қатар фуқаролари учун ҳам учинчи давлатга транзит орқали кетаётганда мамлакатимиз ҳудудида 5 кун визасиз бўлиш имконияти яратилгани Қатарда мамнуният билан қабул қилинди.
Қатар делегациясига 2018-йил 6-10-сентябр кунлари Шаҳрисабзда бўлиб ўтадиган биринчи халқаро мақом санъати форумига таклифнома тақдим этилди.
“Учрашувда, шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. 2018-йил 27-март куни Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича халқаро конференциянинг барча иштирокчилари томонидан маъқулланган Тошкент декларацияси қоидаларини амалга оширишда Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигига ижобий баҳо берилди ва бу йўналишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz/articles-id-36049.htm