Ўзбекистон ТИВ раҳбари ЕХҲТнинг кам сонли миллатлар ишлари бўйича Олий комиссарини қабул қилди

Дата: 09:50, 17-04-2018.

Тошкент. 17 апрел. ЎзТАГ – 16-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга ташриф буюрган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кам сонли миллатлар ишлари бўйича Олий комиссари Ламберто Заньерни қабул қилди, деб хабар беради ўзбек ташқи сиёсий муассасасининг матбуот хизмати.

“Суҳбат бошида Л.Заньер Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифи, хусусан маҳаллий ҳокимият вакиллари билан музокаралар, шунингдек, қирғиз, рус, тожик ва бошқа маданият марказларидаги учрашувлари тўғрисида сўзлаб берди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашув давомида ЕХҲТ вакили мамлакатимизда олиб борилаётган барча соҳалардаги ўзгаришлар, Ўзбекистон Ҳукуматининг минтақа давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

“Қайд этилганидек, Ўзбекистон миллатлараро бирдамлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади”, – дейилади хабарда.

Ташриф дастурига кўра, ЕХҲТ Олий комиссари Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, маданият марказлари ва бошқа идораларда учрашув ва музокаралар ўтказади.

Сурат манбаи: http://www.donnews.ru/Gensek-OBSE-Lamberto-Zaner-vstretitsya-v-Rostove-s-bezhentsami-iz-Ukrainy_15705

Янгилик билан ўртоқлашиш: