Ўзбекистон ТИВ раҳбари Эронда музокаралар ўтказади
Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ –16-18-октябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Эрон Ислом Республикасига расмий ташриф буюради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ташриф дастуридан Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, вице-президент Сурен Саттарий, ташқи ишлар вазири Жавад Зариф ва Эроннинг бошқа давлат тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ва музокаралар ўрин олган”, дейилади ташқи сиёсий муассаса хабарида.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистон-Эрон бизнес-форумида иштирок этади ва истиқболли ҳамкорлар билан музокаралар олиб боради.