Ўзбекистон ТИВ раҳбари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашди

Дата: 17:52, 27-04-2017.

Тошкент. 27 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Питер Бурианни қабул қилди, деб хабар беради республика ТИВ матбуот хизмати.

“Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг сиёсий, савдо иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорлиги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари ҳамда айрим минтақавий масалалар муҳокама қилинди”, - дейилади пайшанба куни тарқатилган хабарда.

Мулоқот чоғида минтақалараро Европа Иттифоқи – Марказий Осиё вазирлар учрашувини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, бўлажак икки томон учрашувлари ва ҳамкорликдаги қўшма институтлар мажлисининг жадвали ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Музокараларда ЕИнинг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари Элчи Эдуардс Стипрайс иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: