Ўзбекистон ТИВ раҳбари Малайзиянинг янги элчисини қабул қилди

Дата: 10:56, 13-11-2014.

Тошкент. 13 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов Малайзиянинг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Дато Норъайни бинти Абд Ҳамидни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) бугун ташқи сиёсий муассаса сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Элчи вазирга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон-Малайзия муносабатларининг бугунги ҳолати, уни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама этилди.
Томонлар турли жабҳалардаги иккитомонлама ҳамкорликнинг жадал ўсиш суръатини қайд этиб, аввало савдо-иқтисодий соҳада сўнги 7 йил мобайнида ўзаро товар алмашинуви 2,5 баробар ўсганини ижобий баҳоладилар.
Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ишбилармонларининг ўзаро алоқаларни ривожлантириш, мунтазам равишда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувларни ўтказиш, парламентлараро алоқаларни кенгайтиришда томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги тасдиқланди.
Суҳбатдошлар икки давлат учун муҳим аҳамият касб этадиган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: