Ўзбекистон ТИВ раҳбари Туркманистон президенти билан учрашди
Тошкент. 19 август. ЎзТАГ - Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) раҳбари Абдулазиз Комилов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"16 август куни Ашхобод шаҳрига (Туркманистон) вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундида иштирок этиш учун келган А.Комилов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан қабул қилинди", - дейилади ТИВ хабарида.
Таъкидланганидек, суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг муҳим масалалари, ўзбек-туркман кўп қиррали алоқаларини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар БМТ, МДҲ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа глобал ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Бундан ташқари, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг биринчи ярмида товар айирбошлаш ҳажми 257 млн. долларни ташкил этди, бу эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 баравар кўпдир.
Сурат манбаи: ria.ru