Ўзбекистон ТИВ раҳбари Виктор Гуминский билан МДҲ ТИВК Тошкент йиғилишига тайёргарликни муҳокама қилди

Дата: 15:43, 23-02-2017.

Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси Раиси – Ижрочи котибининг биринчи ўринбосари Виктор Гуминский билан учрашди, деб хабар қилади муассаса матбуот хизмати. 

“Суҳбат давомида жорий йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ТИВК) навбатдаги мажлисига тайёргарлик кўришнинг амалий масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистонда МДҲ тармоқ органларининг бошқа тадбирларини ўтказиш жадвали борасида ҳам фикр алмашилди.

“Шу куннинг ўзида МДҲ Ижроқўми делегациясининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди ва унда юқорида қайд этилган Ҳамдўстлик ТИВК мажлисига тайёргарлик кўришга оид масалалар кўриб чиқилди”, - деб таъкидланади хабарда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: