Ўзбекистон ТИВ Тожикистон билан визасиз режим бўйича изоҳ берди

Дата: 13:02, 13-03-2018.

Тошкент. 13 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Тожикистон билан визасиз режим масаласи бўйича изоҳ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2018-йилнинг 9-10-март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ш.М.Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига ташрифи доирасида фуқароларнинг ўзаро келиб кетишлари тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди. Унга кўра икки давлат фуқаролари 30 кунгача визасиз ўзаро сафар қилишлари мумкин”, - дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Оммавий ахборот воситаларида ушбу Битимнинг амал қилиши бошлангани тўғрисида маълумот тарқалгани ва давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларида фуқаролар учун ноқулайликлар пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу Битимнинг қўлланиши учун томонларнинг ички тартиб-қоидалари (тасдиқлаш/ратификация қилиш) якунланиши кераклигини маълум қилади.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон томони билан биргаликда тегишли тартибларни тезда жорий этиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Шартнома кучга кириш санаси қўшимча равишда эълон қилинади”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: https://korrespondent.uz/6597

Янгилик билан ўртоқлашиш: