Ўзбекистон ТИВ вакили Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг бош мақсади ҳақида гапириб берди

Дата: 12:56, 26-03-2018.

Тошкент. 26 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ТИВнинг Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича бошқармаси бошлиғи элчи Отабек Акбаров Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг бош мақсади ва Тошкент декларацияси тайёрланишининг бориши ҳақида гапириб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Конференциянинг бош мақсади Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида ҳеч қандай олдиндан шартларсиз тўғридан-тўғри музокараларни тезда бошлаш зарурлиги ҳақида минтақавий ва глобал даражаларда якдил позицияни ифодалашдан иборатдир”, - деб таъкидлади у Тошкентда 24 мартда бўлиб ўтган брифингда. Бунга доир маълумот ТИВ сайтида жойлаштирилган.

Конференция якунлари бўйича, деб давом этди Акбаров, форумнинг асосий натижаси бўлиши кутилаётган Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

“Унда қуйидаги ҳал қилувчи жиҳатлар акс этиши кутилмоқда: биринчидан, Афғонистондаги тинчлик жараёни БМТ Бош Ассамблеяси ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари ва қарорлари меъёрларига мувофиқ ҳолда афғонларнинг ўзлари бошчилигида ва уларнинг кучлари остида ўтиши зарур; иккинчидан, тинчлик жараёни муваффақиятининг муҳим омили қуролланган мухолифатнинг Афғонистон сиёсий ҳаётига интеграция қилиниши ва унинг қонуний сиёсий куч сифатида тан олинишидир; учинчидан, халқаро ҳамжамият терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига кескин қарши чиқади, шунингдек, транснациональ терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчилик таҳдидлари ҳам Афғонистон, ҳам минтақа ва бутун дунё учун барқарорлик ва тараққиётнинг умумий таҳдидлардир”, - деб таъкидлади элчи.

Ҳозирда, деб таъкидлади Акбаров, “Тошкент декларациясининг лойиҳаси иштирокчилар орасида келишувнинг якуний босқичида ва биз бу ишни 25 мартда тугаллашни умид қилмоқдамиз”.

Эслатиб ўтамизки, Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги юқори нуфузли халқаро конференция 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Сурат манбаи: http://www.natlib.uz/ru/News/ReadMore/399

Янгилик билан ўртоқлашиш: