Ўзбекистон ТИВ ватандошларни Тожикистонда рўйхатдан ўтиш муддатлари ҳақида огоҳлантирди
Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ватандошларни Тожикистонда рўйхатдан ўтиш муддатлари ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Тожикистон Республикасининг 2018-йил 2-январдаги 1471-сонли “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг Тожикистон Республикасида хукукий мақоми” тўғрисидаги қонунига мувофик, чет элликлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари ҳам Тожикистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 3 (уч) иш куни мобайнида рўйхатдан ўтишлари шарт”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.
Қайд этилишича, ўрнатилган тартибларга риоя қилмаган шахсларга нисбатан Тожикистон Республикаси қонунчилигида белгиланган 4000 сомонидан 4500 сомонигача миқдорида жарима жазоси қўлланилади.
“Батафсил маълумотни Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги Элчихонаси расмий веб-саҳифасидан (www.tadjikistan.mfa.uz) ёки Элчихонанинг консуллик бўлимига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилиб олиш мумкин: +992 (37) 224- 75-42”, - деб тушунтириб ўтди ТИВ.
Сурат манбаи: http://uz24.uz/politics/gzbekiston-tashui-ishlar-vazirligida-hitoy-elchisi-bilan-haluaro-maydonda-yuz-berayotgan-vouealar-mu


