Ўзбекистон ТИВ ўзбек-фин сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раунди бўлиб ўтди

Дата: 22:22, 25-02-2015.

Тошкент. 25 феврал. ЎзТАГ – Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон-Финландия сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раунди бўлиб ўтди. Учрашувда қатнашиш учун Финландия Республикаси ТИВнинг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё ишлари департаментининг бош директори Тери Ҳакала раҳбарлигидаги делегация Тошкентга келди дейилади ўзбек ташқи сиёсий мауассаси матбуот хизмати хабарида.

Мулоқот давомида ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, қатор халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар муносабатларни ривожлантиришнинг ижобий тенденцияларини қайд этдилар. Парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, аввало Финландиянинг илғор тажрибаси ва технологияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилишга ўзаро қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, жумладан хорижий сармоядорларга қулай солиқ ва божхона шароитлари яратилган “Навоий”, “Ангрен” ва “Жиззах” эркин иқтисодий зоналари негизида электротехника, кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш томонлар манфаатига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокараларда Финландиянинг элчиси Никлас Линдқвист ҳам иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: