Ўзбекистон ТИВда ЕХҲТ ДИИҲБ дирeктори билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 17:47, 17-03-2017.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) директори Михаэл Георг Линкни қабул қилди. У ЕХҲТ ДИИҲБнинг мамлакатимизга ташриф буюрган делегациясига бошчилик қилмоқда, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, ўтган йили навбатдан ташқари бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловини мониторинг қилиш учун таркибида узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчилари бўлган ДИИҲБнинг тўлиқ делегацияси иштирок этди.

“Миссия учун барча шароитлар яратилиб, сайлов жараёнини тўлиқ кузатиш учун уларга барча давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва сайлов участкаларида бўлиш имкони яратилди”, - деб таъкидланади хабарда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон сайлов тизимини мустаҳкамлаш ва мукаммаллаштириш масалаларида ҳамда бошқа истиқболли йўналишларда конструктив ҳамкорликни давом эттиришдан томонлар манфаатдор эканлигини тасдиқланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: