Ўзбекистон ТИВда Европа ташқи ҳаракатлар хизмати бош котиби қабул қилинди

Дата: 16:50, 20-10-2015.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатга ташриф буюрган Европа ташқи фаолият хизмати Бош котиби Ален Ле Руани қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ маълум қилишларича, мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун стратегияси доирасидаги икки ва кўп томонлама лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашувда ЕИ Делегацияси Раҳбари, Элчи Юрий Штерк ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан иштирок этди.

Эслатиб ўтамизки, 2014-2020 йилларда Европа иттифоқи Марказий Осиёдаги лойиҳаларни амалга оширишга 1,68 млрд евро ажратади. Бу бундан олдинги муддатдаги (2007-2012 й.) кўрсаткичдан 56% ошиқ. Ушбу қарор Европа иттифоқининг 2015 йил 22 июндаги Кенгашида қабул қилинган.

Ушбу маблағдан Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишга 168 млн евро ажратилади. Улар қишлоқ жойларни ривожлантиришга кўмаклашиш, энергоресурслар, қуёш, шамол энергетикаси каби муқобил энергия матбаларини тараққий топтиришга йўналтирилади.

2007-2010 йилларда ЕИ томонидан Ўзбекистон билан ҳамкорликка 28,6 млн евро, 2011-2013 йилларда 42 млн евро маблағ беғараз тарзда берилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: