Ўзбекистон ТИВда Филиппиннинг янги элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 13:23, 19-02-2015.

Тошкент. 19 феврал. ЎзТАГ – 18 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Филиппин Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Теҳрон шаҳрида) Эдуардо Мартин Р.Менезни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек ташқи сиёсий муассасаси матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Элчи вазирга Ўзбекистон Республикаси Президенти номига йўлланган ишонч ёрлиқларини топширди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон-Филиппин мулоқотини ривожлантириш масалалари ҳамда баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Ҳар икки томон иккитомонлама муносабатларни янги сифат даражасига чиқариш, уларга кенг кўламли характер беришдан манфаатдорлар.

Томонлар БМТ ва унинг тизилмалари доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришни тасдиқладилар.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда мазкур соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш учун Ўзбекистон ва Филиппин реал салоҳиятга эгалиги қайд этилди.

Бундан ташқари, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди, дейилади ТИВ хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: