Ўзбекистон ТИВда Ҳиндистоннинг ШҲТ ишлари бўйича Миллий координатори билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 14:39, 19-07-2017.

Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – 18 июл куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келган Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Департаменти директори, Ҳиндистоннинг ШҲТ ишлари бўйича Миллий координатори Мадҳумита Ҳазарика Бҳагат билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилади ўзбек ташқи сиёсий муассасаси матбуот хизмати.

“Учрашувда ШҲТ жорий фаолиятининг кун тартиби, томонларнинг Тошкент шаҳрида турли даражаларда ўтказиладиган бўлажак тадбирларда иштирок этиши масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

М.Ҳазарика Бҳагат ўзининг ШҲТ ишлари бўйича Ҳиндистон Миллий координатори сифатидаги фаолияти бошлангани ҳақида сўзлаб берди ҳамда Ўзбекистон томонига Ҳиндистоннинг ташкилотга тўлақонли аъзолиги тўғрисидаги қарор қабул қилинишида ўз мамлакатини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик изҳор этди.

“Мазкур сафар доирасида М.Ҳазарика Бҳагатнинг Тошкент шаҳрида жойлашган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитасига ташриф буюриши ва унинг фаолияти билан танишиши ҳам режалаштирилган”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: