Ўзбекистон ТИВда Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак ташрифи муҳокама қилинди

Дата: 13:33, 17-09-2018.

Тошкент. 17 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Ташқи ишлар Давлат вазири Мобашар Жавад Акбар билан Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак ташрифига тайёрганликни муҳокама қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ маълумотларига кўра, учрашув 16-сентябр куни бўлиб ўтган.

“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак ташрифи ва Ҳиндистон раҳбарияти билан бўладиган музокараларига тайёргарлик кўриш жараёни учрашув кун тартибининг асосий масаласи бўлди”, - дейилади хабарда.

Ҳозирги вақтда икки мамлакатда ҳам олий даражадаги Ўзбекистон-Ҳиндистон учрашувининг мазмуний қисми устида биргаликда ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳада қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.

Шу ўринда 2018-йилнинг 13-14-сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг 5-мажлисида иштирок этган Мобашар Жавад Акбар таъкидлашича, икки томонлама муносабатлар учун жуда муҳим ҳодиса арафасида шу каби тадбирларнинг ўтказилиши катта аҳамият касб этади.

Суҳбат давомида халқаро ва минтақавий сиёсатнинг баъзи масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Учрашувда Ҳиндистон элчиси Винод Кумар иштирок этди.

Эслатиб ўтамизки, август ойида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 11-мажлисида икки томон учун ҳам манфаатли бир қатор истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Бир неча кун илгари Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақият билан ўтказилди. Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва қўшма бизнес-форумга тайёргарлик кўрилмоқда.

Сурат манбаи: из https://uznews.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: