Ўзбекистон ТИВда Қозоғистон элчиси билан чегарада икки ўтиш пунктининг очилиши муҳокама қилинди

Дата: 13:47, 11-07-2017.

Тошкент. 11 июл. ЎзТАГ – 10 июлда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Қозоғистон Республикасининг элчиси Ерик Утембаев билан учрашувда чегарада икки ўтиш пунктининг очилиши муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Учрашувда Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасида “Оқ олтин – Целинний” ва “Малик – Сирдарё” ўтказиш пунктларининг расмий очилиш маросимини ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Ушбу пунктлар М-39 йўлининг Қозоғистон ҳудудидаги қисмидан фойдаланишга имкон беради”, - дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 22-23-март кунлари Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида дипломатик каналлар орқали Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари тўғрисидаги Битимга 2006-йил 4-сентабрда имзоланган Баённомага ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги тегишли Баённома имзоланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: