Ўзбекистон ТИВда Саймон Макдональд билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 16:18, 27-09-2017.

Тошкент. 27 сентябр. ЎзТАГ – Кеча, 26 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатга амалий ташрифини якунлаётган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик ишлари бўйича вазирлиги Доимий котиби Саймон Макдоналд билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида ўзбек ташқи сиёсий муассасаси хабар бермоқда.

“Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Буюк Британия муносабатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳолати иккитомонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор берган ҳолда кўриб чиқилди. Британия томони Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқининг асосий қисмлари билан таништирилди”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатларимиз ўртасидаги барча ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиб бераётганлиги таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Буюк Британияга бўлажак ташрифининг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

“Суҳбат чоғида долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Музокараларда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Элчиси Кристофер Аллан иштирок этди”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: