Ўзбекистон ТИВда ШҲТ миссияси баёнотининг асосий мазмуни билан танишилди
Тошкент. 23 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида (ЎзРТИВ) ШҲТ миссияси расмий баёнотининг асосий мазмуни билан танишилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ташқи сиёсий муассаса маълумотига кўра, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ўринбосари Маҳмадшариф Ҳақдодов билан учрашув бўлиб ўтди. М.Ҳақдодов ШҲТнинг Ўзбекистонда 21-декабр куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларни Кузатувчилар миссиясига бошчилик қилмоқда.
М.Ҳақдодов вазирлик раҳбариятини ШҲТ кузатувчилари миссияси расмий баёнотининг асосий мазмуни билан таништирди. Ҳужжатда депутатлар сайлови Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва Ўзбекистон томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятларга мувофиқ ўтгани қайд этилди.
Учрашув давомида ШҲТ фаолиятининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.


