Ўзбекистон ТИВда Швеция элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 17:56, 14-06-2017.

Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Швеция Қироллигининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Стокгольм шаҳрида) Ингрид Терсман билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида чоршанба куни ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

“Музокараларда икки ва кўп томонлама шаклларда, хусусан “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” доимий мулоқоти доирасида Ўзбекистон-Швеция муносабатларини ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар яратади.

Швеция элчиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Савдо-саноат палатасидаги учршувлари тўғрисида сўзлаб берди. Мазкур учрашувларда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон ва Швеция бизнес доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган айрим халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам кўриб чиқилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: