Ўзбекистон ТИВда Туркманистон, Қирғизистон ва Россия элчилари билан учрашувлар бўлиб ўтди
Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – 31 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Туркманистон, Қирғизистон ва Россия элчилари билан учрашувлар бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ташқи сиёсий муассаса матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Туркманистоннинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Шири Шириев билан суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда жорий йилнинг март ва май ойларида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркманистон учрашувлари доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди” – дейилади хабарда.
ТИВ маълумотларига кўра, Қирғизистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Данияр Сидиков билан учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги икки томон ҳамкорлигининг амалий жиҳатлари диққат марказида бўлди.
Шу билан бирга, Россия Федерациясининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Владимир Тюрденев билан учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 4-5-апрел кунлари Россияга давлат ташрифи доирасида имзоланган икки томонлама шартномаларни амалга ошириш жараёни ҳамда Ўзбекистон-Россия кун тартибининг бошқа долзарб масалалари муҳокама қилинди.