Ўзбекистон ТИВда Қувайт делегациясининг ИҲТ ТИВК Тошкентдаги сессиясидаги иштироки муҳокама қилинди
Тошкент. 12 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қувайт Давлатининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмад Холид Абдулла ал-Жийранни қабул қилди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
“Мулоқот давомида икки ва кўп томонлама шакллардаги, жумладан Ислом ҳамкорлик ташкилоти, БМТ ва бошқа халқаро тузулмалар доирасидаги Ўзбекистон-Қувайт ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди”, - деб таъкидланади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қувайт вакилларининг ўзаро ташрифлари жадвали юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Таъкидланишича, учрашувда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида Қувайт нуфузли делегацияси иштирокининг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамизки, ИҲТ ТИВК Тошкентдаги сессияси жорий йилнинг 18-19 октябрида бўлиб ўтади.