Ўзбекистон ТИВда Япония ташқи ишлар вазирининг парламентдаги ўринбосари қабул қилинди

Дата: 13:34, 14-07-2015.

Тошкент. 14 июл. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Япония Ташқи ишлар вазирининг парламентдаги ўринбосари Кентаро Соноурани қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ хабар беришларича, суҳбат давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги сиёсий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари ҳамда баъзи минтақавий муаммолар муҳокама қилинди. Шуниндек учрашувда “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти шаклидаги ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Суҳбат чоғида ўзаро ҳамкорликни, биринчи навбатда савдо-иқтисодий соҳадаги алоқаларни янада ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдай манфаатдор эканлиги таъкидланди. Шунингдек, инвестиция ва кредит келишувлари ҳамда техник ёрдам лойиҳаларини ўз ичига олган йирик пакет имзоланган Ўзбекистон-Япония ва Япония-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик бўйича комитетларининг 2015-йил 27-январ куни Токио шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши якунлари юқори баҳоланди. Маълумки ушбу келишувга мувофиқ Ўзбекистон қиймати $3,8 млрдлик япон инвестиция ва кредитлари, техник кўмагини жалб қилади.

Эслатиб ўтамизки, Япония Ўзбекистоннинг анъанавий асосий иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айланмаси $200 млндан ошиқ. Кунчиқар мамлакати томонидан Ўзбекистонга кўрсатилган молиявий-техник кўмакнинг умумий қиймати $2 млрддан зиёд. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: