Ўзбекистон ТИВда Жаҳон банкининг минтақавий директори билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент. 14 июл. ЎзТАГ – 13 июлда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчукни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
У Тошкентда Жаҳон банкининг нуфузли делегацияси раҳбари сифатида музокаралар мақсадида ташриф буюрган.
ТИВ маълумотига кўра, ушбу ташриф Лилия Бурунчукнинг жорий йилдаги Ўзбекистонга тўртинчи ташрифидир. Аввалроқ Жаҳон банки делегацияси ижтимоий-иқтисодий вазият билан танишиш мақсадида Оролбўйига ҳам ташриф буюрган эди.
ТИВда бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги шерикчилик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.