Ўзбекистон ТИВда Жазоирнинг янги элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 09:46, 10-03-2015.

Тошкент. 10 март. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Жазоир Халқ Демократик Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Насер Бушеритни қабул қилди, деб хабар қилади ўзбек ташқи сиёсий муассасаси матбуот хизмати.

Элчи вазирга ишонч ёрлиғи нусхасини топширди.

Суҳбат чоғида тарафлар икки томонлама алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

“Ўзбекистон ва Жазоир халқлари ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий умумийлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик тажрибаси икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга замин яратади”, - дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, долзарб халқаро муаммолар бўйича позицияларнинг яқинлиги ва ўзаро мутаносиблиги асосида томонлар БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ўзаро конструктив ҳамкорликни давом эттиришга умид қилишлари қайд этилди.

Учрашувда маданий-гуманитар ва илмий-технологик соҳалардаги Ўзбекистон-Жазоир алоқаларини кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: