Ўзбекистон Тожикистонга жаҳон нархидан икки баравар паст баҳо – ҳар минг куб метри учун $120дан 126 млн. куб метр табиий газ етказиб беради

Дата: 16:20, 14-03-2018.

Тошкент. 14 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Тожикистонга жаҳон нархидан икки баравар паст баҳо – ҳар минг куб метри учун $120дан 126 млн. куб метр табиий газ етказиб беради, деб хабар беради Тожик телеграф агентлиги (ТожТАГ).

“Ўзбекистондан Тожикистонга 126 млн куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича $15,1 млнлик шартнома икки мамлакат газ тақсимлаш компаниялари томонидан имзоланди”, - деб хабар берди Тожикистон ҳукуматидаги манба.

Аниқлаштирилишича, Ўзбекистон Тожикистонга “зангори ёқилғи”ни ҳар минг кубметри учун $120дан сотади, бу эса жаҳон нархларидан икки баробар арзонроқдир (биржада бугунда жаҳон нархи 1000 куб метр газ учун $277ни ташкил этади). Табиий газ олди-сотдиси бўйича ҳужжат жорий йилнинг 9 мартида Душанбеда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасида “Тожиктранс” ОАЖ ва “Ўзтрансгаз” АК раҳбарлари имзоладилар.

Манбанинг қўшимча қилишига кўра, Ўзбекистон табиий газ учун қўшимча талаб пайдо бўлган тақдирда Тожикистонга етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Тожикистонга газ етказиб беришни 2012 йилда тўхтатган. Ўзбекистондан импорт қилинадиган табиий газнинг асосий истеъмолчилари “Тожик алуминий компанияси” ДУК ва бошқа бир қатор саноат корхоналари, жумладан, Душанбе цемент заводи бўлган. Кейинчалик бу корхоналар кўмирдан олинадиган синтезланган газга ўтдилар ёки ёқилғи сифатида кўмирни ишлата бошладилар.

Сурат манбаи: https://ria.ru/economy/20171213/1510795718.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: