Ўзбекистон тожикистонликларнинг мамлакат ҳудудида бўлиш муддатини уч кундан етти кунгача узайтириши мумкин

Дата: 16:47, 29-03-2018.

Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон тожикистонликларнинг рўйхатдан ўтмасдан туриб мамлакат ҳудудида бўлиш муддатини уч кундан етти кунгача узайтириши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Asia-Plusга таянган ҳолда.

Asia-Plusга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ташқи ишлар вазирлигига шундай топшириқ бергани ҳақида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9-10 март кунлари Душанбега давлат ташрифи давомида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамкасбидан мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмасдан қолиш муддатини уч кундан камида ҳафтагача ошириш масаласини ўрганиб чиқишни сўраган.

“Менга маълум бўлишича, Шавкат Миромонович Ўзбекистон ТИВга таклифни ўрганиш ҳақида топшириқ берган, тез орада бу бўйича қарор қабул қилинади”, - деди Норов.

Эслатиб ўтамизки, 2018 йил 19 мартда Тожикистон парламенти қуйи палатаси икки мамлакат орасидаги “Фуқароларнинг ўзаро ташрифлари тўғрисида”ги шартномани ратификация қилди. Унга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари визасиз 30 кунгача қўшни мамлакат ҳудудида бўлишлари мумкин, лекин, агар сафар уч кундан ортиқ давом этса рўйхатдан ўтишингиз шарт бўлади.

Ўзбекистон парламенти ҳали битимни ратификация қилгани йўқ, бироқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз қарори билан истисно тариқасида 16-мартдан Тожикистон фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз киришига рухсат берди. Тожикистон фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида бўлиш шартлари ҳам ўзгаришсиз қолди.

Тожикистон фуқаролари қўшни давлат ҳудудига киришлари учун фақат хорижий паспортга (дипломатик, хизмат, фуқаролик) эга бўлиши керак. Бироқ, айни пайтда ҳам, олдин бўлгани каби, Ўзбекистонга келган тожикистонликлар уч иш куни мобайнида маҳаллий ички ишлар органларида рўйхатдан ўтиши керак.

Сурат манбаи: https://www.molbulak.ru/consultation_articles/?tag=%D1%82%D0%B0%D0%B4%D0%B6%D0%B8%D0%BA%D0%B8%D1%81%D1%82%D0%B0%D0%BD

Янгилик билан ўртоқлашиш: