Ўзбекистон Туркия фуқаролари учун кўп марталик визалар бериш муддатларини қисқартирди

Дата: 09:04, 23-10-2017.

Тошкент. 23 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонга ишбилармонлик мақсадларида ташриф буюраётган Туркия фуқароларига бир йилгача муддатдаги кўп марталик визалар уч иш куни давомида (ҳужжатлар қабул қилинган кунни ҳисобга олмаган ҳолда) Ўзбекистоннинг хориждаги муассасалари томонидан расмийлаштирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистондаги таклиф этувчи юридик шахснинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига таклифнома юбориш сўраб мурожаат қилиш талаби бекор қилинди.

Бу Ўзбекистон Президентининг ПҚ-3347 сонли “Туркия Республикаси фуқаролари учун виза жараёнларини соддалаштириш тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистонга сайёҳ сифатида ташриф буюрувчи Туркия фуқароларига бир ойгача муддатдаги визалар ҳам уч иш куни давомида (ҳужжатлар қабул қилинган кунни ҳисобга олмаган ҳолда) расмийлаштирилади ҳамда туристик ваучер ҳамда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа сайёҳлик ташкилотлари таклифномаларини тақдим этиш талаби бекор қилинади.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлигини жадаллаштириш мақсадларида қабул қилинган бўлиб, мамлакатга ишбилармонлик мақсадларида ташриф буюраётган турк фуқароларига қулайлик яратишга хизмат қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: