Ўзбекистон Туркия, Қозоғистон, БАА ва Россияда меҳнат мигрантлари учун ваколатхоналарни очади

Дата: 15:35, 28-08-2019.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Туркия, Қозоғистон, БАА ва Россияда меҳнат мигрантлари учун ваколатхоналарни очади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳукуматнинг 23 августдаги "Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан белгиланади.

"2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари Истанбул (Туркия), Нур-Султон (Қозоғистон), Дубай (БАА) ва Россиянинг тўртта: Екатеринбург, Новосибирск, Волгоград, Пятигорск шаҳарларида очилади", - дейилади Бандлик вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг 1 январига қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги касб-ҳунарга ўргатиш марказлари таркибида чет элда ишлашга кетаётган фуқаролар учун сафар олди хабардорлик марказлари ташкил этилади. Уларда хорижий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва хорижий тиллар бўйича қисқа муддатли таълим, қайта ўқитиш ва малака ошириш, шунингдек, ишга кетаётганларнинг профессионал компетенциясини синовдан ўтказиш ва тасдиқлаш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, 2020 йилнинг 1 мартига қадар Россия федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома (патент) тайёрлаш ва топшириқ бўйича хизматлар кўрсатишга ваколатли бўлган Россия органлари ва ташкилотларининг филиалларини Ўзбекистонда очиш бўйича Россиянинг бир қатор ҳудудлари билан музокаралар олиб бориш вазифаси юклатилди.

 

Сурат манбаи: 15min.lt

Янгилик билан ўртоқлашиш: